Тошкент давлат тиббиёт университети, талабаларнинг мурожаатини асоссиз деб атади
Тошкент давлат тиббиёт университетининг бир гуруҳ талабалари хавфсизлик нуқтаи назаридан Нижний Новгородга (Россия) ўқишга юборилаётганидан норозилик билдиришди. Университет раҳбарияти бу маълумотни текширилмаган ва асоссиз деб атади.
Ижтимоий тармоқларда Тошкент давлат тиббиёт университети талабаларининг видеомурожаати тарқалмоқда. Унда талабаларни Нижний Новгородга ўқишни давом эттириш учун жўнатилаётгани ва уларнинг фикрича, у ер хавфсиз эмаслиги ҳақида гапирилади.
Талабаларнинг сўзларига кўра, улар бунга ечим сўрашганида талабаларга «ё Россияга бориш ёки академик таътилга чиқиш» деган жавоб берилган. Шу боис, улар Ўзбекистонда 5-курсни якунлашларига рухсат беришни сўрашган.
Бироқ, Тошкент давлат тиббиёт университети матбуот хизмати буни расман рад этиб, тарқалган видеони «текширилмаган ва асоссиз» деб атаган.
Ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат йўллаган талабалар қўшма таълим дастури асосида ўқишга қабул қилинган. Шунга мувофиқ, ҳар бир талаба билан шартнома тузилган бўлиб, улар таълимнинг 4 ва 5-босқичини Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида жойлашган Приволжск тиббиёт-тадқиқот университетида (ПТТУ) ўқиб тугатиш мажбуриятини олган, — дейилади хабарда
Бундан ташқари, Нижний Новгород шаҳрида «ҳарбий ҳолат эълон қилинган ҳудуд» деган маълумот ҳам асоссиз деб аталди. Бугунги кунда Россия Федерациясининг мазкур ҳудудида расмий тартибда ҳарбий ҳолат эълон қилинмагани атилмоқда.
Фақат айрим талабалар шартнома шартларини бузган ва ижтимоий тармоқларда ёлғон маълумотлар тарқатган ҳолда жамоатчиликни чалғитиш, университет раҳбарияти ва жамоасини обрўсизлантиришга уринмоқда, — деб таъкидланади хабарда.