Ўзбекистонда ҳайдовчилар учун «маъмурий огоҳлантириш» чораси жорий этилиши мумкин
Ўзбекистонда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга «огоҳлантириш» жазо чорасини киритиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 16 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида маълум қилинди.
Қонун лойиҳасига кўра, ижтимоий хавфлилиги паст бўлган йўл ҳаракати қоидабузарликлари – масалан, телефон ёки монитордан фойдаланиш, тўхташ қоидаларини бузиш, мажбурий суғурта йўқлиги каби ҳолатларда, агар ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилган бўлса, жарима ўрнига огоҳлантириш чораси қўлланилиши мумкин бўлади.
Йиғилишда жарималарнинг белгиланган муддатда ҳайдовчиларга етказилмаслиги ҳолатлари ҳам танқид қилинди. Таклиф этилаётган ўзгартиришлар бу каби муаммоларни бартараф этишга қаратилган.
Қайд этилишича, «маъмурий огоҳлантириш» чорасининг жорий этилиши ҳайдовчиларга нисбатан адолатли ва тарбиявий ёндашувни таъминлайди. Бу чорани бир йил ичида фақат бир маротаба қўллаш мумкин бўлади.
Маълумот учун, бундай огоҳлантириш тизими Беларус, Латвия, Қозоғистон, Россия, Германия ва Италия каби давлатларда ҳам мавжуд.
Қонун лойиҳаси президент топшириғига асосан ишлаб чиқилган ва ҳозирда концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда.