Наманганда «Кўмир таъминоти» жамияти бошлиғи ўринбосари пора билан ушланди
«Кўмир таъминот» масъулияти чекланган жамияти Наманган вилоят филиали бошлиғи ўринбосари катта миқдорда пора билан қолга тушди, деб Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Мазкур мансабдор, ўзининг юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали фуқарони вилоятдаги туманлардан бирининг кўмир омбори раҳбари лавозимига тайинлаш ҳамда омборга келувчи кўмир ортилган юк вагонлари сонини кўпайтириб бериш эвазига 40 000 АҚШ доллари талаб қилади.
Жорий йилнинг 6 декабр куни у сўралган пул маблағидан 25 000 АҚШ долларини филиал ишчиси орқали олиб, фуқарони омбор мудири лавозимига тайинланишини таъминлайди.
Кейинроқ эса мансабдор шахс қолган 15 000 АҚШ доллари ҳамда омборга кўмир ортилган 30 та вагон юборгани учун улуш сифатида 7500 АҚШ доллари, жами 22 500 АҚШ доллари беришини талаб қилиб, ўзининг воситачиси бўлган филиал ишчиси орқали ушбу пул маблағини олган вақтида ушланади.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.
Шунингдек, кўрилган чора-тадбирлар натижасида аҳолига кўмир маҳсулотларини ўз вақтида ва имтиёзли нархларда етказиб берилиши йўлга қўйилди.





