Ўзбекистонда мақсадли ипотека депозитларини жорий этиш бўйича лойиҳа старт олмоқда
Ҳужжат билан субсидия ажратиш тўғрисида хабарнома олган фуқаролар томонидан банкларда мақсадли ипотека омонат ҳисобварағини очиш ва ундан фойдаланиш тартиби белгиланди

Ўзбекистонда мақсадли ипотека депозитларини жорий этиш бўйича пилот лойиҳани амалга ошириш тартиби тасдиқланди, деб хабар бермоқда Norma.
Ҳужжат билан субсидия тақдим этиш тўғрисида хабарномага эга бўлган фуқаролар томонидан бирламчи уй-жой бозорида квартира сотиб олишда дастлабки бадални шакллантириш учун тижорат банкларида мақсадли ипотека омонат ҳисобварағини очиш ва ундан фойдаланиш тартиби белгиланди.
Ушбу Низом талаблари 2026 йил 1 июлдан 31 декабргача бўлган даврда очилган мақсадли ипотека депозитларига нисбатан татбиқ этилади.
Ариза берувчи субсидия бериш тўғрисидаги хабарноманинг амал қилиш муддати давомида мақсадли ипотека депозитини очиш учун банкка мурожаат қилиши мумкин. Бунда ушбу ҳисобварақда бошланғич бадалнинг унинг ўз маблағлари ҳисобидан шакллантириладиган қисмидан кам бўлмаган сумма бўлиши керак.
Банк subsidyplatform.mf.uz тўлов платформаси орқали Иқтисодиёт ва молия вазирлигига мақсадли ипотека депозитига бошланғич бадал учун субсидия ўтказиш учун ариза юборади.
Мақсадли ипотека депозитининг пул маблағларига субсидия ўтказилгандан сўнг фоизлар ҳисобланади.
Қурилиш (пудрат) ташкилотига сотиб олинадиган квартира ҳақини тўлаш учун банк мақсадли ипотека омонат ҳисобварағида тўпланган маблағларни, ҳисобланган фоизларни, шунингдек ипотека кредити маблағларини ўтказади.





