Ўзбекистонда Марбург вируси хавфи сабабли назорат кучайтирилди

Ўзбекистонда Марбур вируси иситмасини олдини олиш ва унинг эҳтиёт чораларини кучайтириш мақсадида чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу ҳақида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати хабар бермоқда.

ЖССТ ушбу эпидемия хавфини миллий даражада жуда юқори, минтақавий даражада юқори ва бутун дунё даражасида паст деб баҳоламоқда.

Санепидқўмита матбуот хизматининг билдиришича, Марбург вируси иситмасининг олдини олиш ва унинг эҳтиёт чораларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон давлат чегарасини кесиб ўтиш жойларида фаолият юритаётган санитария назорат пунктлари ҳушёрлиги оширилган.

Марбург иситмаси билан касалланишнинг олдини олиш мақсадида:

• геморрагик иситма касаллигига гумон қилинган беморларни ўз вақтида аниқлаб, изоляторлар ҳидалаш;
• гумон қилинган беморлар билан мулоқотда бўлган тиббиёт ходимлари томонидан стандарт эҳтиёт чораларини кўриш, қўшимча равишда инфекцияни юқтиришининг олдини олишга қаратилган шахсий ҳимоя воситаларидан тўлиқ фойдаланиш;
• гумон қилинган беморларнинг қонига тегмаслик, бемор ажратган тана суюқликлари, шунингдек улар билан ифлосланган юзалар билан мулоқотда бўлмаслик;
• касалликнинг этиологияси, клиникаси, лаборатор ташхисоти ва касалликнинг олдини олиш ва профилактикаси бўйича тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш;
• касалликни назорат қилишда хавфсиз инъекция усулларини қўллаш, шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиш, қайта ишлатилаётган тиббий асбобларни зарарсизлантириш ва чиқиндиларини хавфсиз йўқ қилиш;
• инфекция бўйича аҳолининг хабардорлигини ошириш мақсадида аҳоли орасида тушунтириш ва тарғибот ишларини амалга ошириш каби чоралари тизимли равишда амалга оширилмоқда.

«Шу ўринда фуқароларимизга жиддий хавотирга ўрин йўқлигини маълум қиламиз», дейилади Санепидқўмита матбуот хизмати хабарида.

Аввалроқ, Марбург вируси ҳақида маълумот берган эдик.

Ўзбекистон