Марказий банк апрель ойида 6 та банкни жаримага тортди

Марказий банк 6 та тижорат банкини жаримага тортди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Банк назорати қўмитасининг 8 та йиғилишида жами 45 та масала кўриб чиқилган бўлиб, улардан 19 таси кредит ташкилотларининг молиявий ҳолати, Марказий банк кўрсатмалари ва пруденсиал меъёрлар талабларига риоя этилиши, шунингдек, банк ва микромолия ташкилотларида ўтказилган инспекция натижаларига оид бўлган.

Қоидабузарликлар жумласидан, жисмоний шахсларга банк ҳисобварақлари очиш ва уларни рўйхатдан ўтказиш бўйича белгиланган талабларга риоя қилинмаганлиги учун 6 та тижорат банки, 3 та ломбард ва 2 та микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкциялари қўлланилган.

Бундан ташқари, устав капиталининг энг кам миқдорини шакллантириш ва ташкилий-ҳуқуқий шаклини акциядорлик жамиятига ўзгартириш бўйича қонунчилик талабларига амал қилинмаганлиги сабабли 1 та тўлов тизими оператори ва 3 та тўлов ташкилоти огоҳлантирилган.

 

Ўзбекистон