Наманганда 16 ёшли қиз машина бошқарувини йўқотиши оқибатида оила аъзолари ҳалок бўлди
Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида яшовчи фуқаро ўзининг бошқарувидаги Spark автомашинасини 23 март куни 16 ёшли қизга топширади. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, машинага ҳайдовчининг ўрнига қизи, олд ўриндиққа эса машина эгаси ўтирган. Машинанинг орқа ўриндиғида эса қизнинг онаси ва 10 ёшли синглиси бўлган.
16 ёшли қиз автомашинани ички йўлда бошқариб кетаётиб, йўлнинг хавфли бурилиш қисмида ўнг томонга бурилаётган вақтда бошқарувни йўқотиб, йўлнинг ўн томонидан оқиб ўтувчи Андижон каналига тушиб кетган.
Ҳодиса оқибатида қизнинг онаси ва синглиси нафас йўлига сув тиқилиш ташхиси билан вафот этган. Ҳайдовчи ва отаси тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.