Сурхондарёда қарзи сабаб автомобиль ўғирлаган бола ушланди
Сурхондарё вилоятида вояга етмаган бола ЙПХ ходимини судраб кетиб, Cobalt автомобилини олиб қочди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҳодиса 2025 йил 7 май куни соат 22:18 ларда содир бўлган. Ички ишлар бўлимига хабар келиб тушганидан сўнг, вилоят миқёсида тўсиб ушлаш режаси жорий этилган.
Автомобиль Жарқўрғон туманига етганида ички ишлар ходимларининг тўхташ ишорасига бўйсунмаган ва айланма йўллар орқали қочишга уринган. Машина соат 23:40 ларда тўсиб ушлаб қолинган.
Боланинг айтишича, у 1хбет орқали $2 минг миқдорида қарзга ботгани сабабли машинани олиб қочган ва уни бериб, пул олишни режалаштирган.
Тергов жараёнида аниқланишича, у ушбу машинада Тошкентдан Термизгача йўловчи сифатида ҳаракатланган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.