Май ойида ноқонуний энергия сарфи туфайли кўрилган зарар миқдори маълум қилинди
Май ойида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишлар 94,8 млрд сўмлик зарар келтирди. Бу ҳақда «Ўзенергоинспексия» хабар берди.
Қайд қилинишича, май ойида ўтказган рейдлар натижасида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланилган 229 та ҳолат аниқланган.
Тадбирлар давомида 35,6 млн кВт⋅соат электр энергияси ва 13,2 млн куб метр табиий газ талон-торож қилингани аниқланиб, жами 94,8 млрд сўмлик зарар қайд этилган.
Бундан ташқари, энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузган 448 та ҳолат бўйича маъмурий иш расмийлаштирилиб, тегишли материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилган.