Газ қуйиш шохобчаларида нархлар 5300 сўмгача оширилди

1 майдан Ўзбекистондаги газ қуйиш шохобчаларида метан нархи бир кубометр учун 5200−5300 сўмгача ошди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари хабар бермоқда.

Тошкентдаги газ қуйиш шохобчаларида янги нархлар жорий этилгани 1 май куни эрталаб маълум қилинди. Шу кундан бошлаб аҳоли учун электр энергияси ва газ учун янги тарифлар кучга кирди. Бу тарифларни дастлаб 1 апрелдан жорий этиш режалаштирилган эди.

Энергетика вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил апрель ойидаги қарори билан янги энергия тарифлари белгиланганини эслатди. Унга кўра, газ қуйиш шохобчалари учун газ сотиш нархи бугундан бошлаб 38,9% га — бир кубометр учун 2500 сўмгача оширилади.

Бунгача автомобиллар учун ёқилғининг бир кубометри минтақага қараб 3950−4250 сўмдан сотилган. Ушбу нархлар 2024 йил август ойидан бери амал қилиб келаётган эди — ўшанда газ қуйиш шохобчалари учун метан чакана нархларининг «чегараси» ўз кучини йўқотди.

Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов август ойида рақобат муҳитининг бузилишига йўл қўймаслик учун давлат энди нарх белгилашга тўғридан-тўғри аралашмаслигини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, «нархларни бозор белгилайди.»

Жорий йилнинг февраль ойида Марказий банк АГТКШлар учун режалаштирилган табиий газ улгуржи нархларининг оширилиши транспорт харажатларининг ошиши ҳисобига маҳсулот таннархининг ошишига олиб келишидан хавотир билдирган эди.

 

Ўзбекистон