Меҳнат миграциясидаги фуқароларга субсидия ва кредитлар ажратиш тартиби тасдиқланди
Фуқароларни хорижда ташкиллаштирилган тартибда ишга жойлаштириш тизимини такомиллаштириш чоралари тўғрисидаги ҳукумат қарори билан меҳнат миграциясида бўлган фуқароларга субсидия ва кредитлар ажратиш тартиби белгиланди, деб хабар берди Адлия вазирлиги.
Қарорга кўра, Хорижга ишга тайёрлаш маркази ташкил этилади ва унда «Ягона дарча» тамойили асосида меҳнат миграциясига доир хизматлар кўрсатилади.
Шунингдек, йўловчи автобуслар сонини кўпайтириш орқали хорижга вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган ва қайтаётган фуқароларни ташишда арзон ва тартибли транспорт қатнови йўлга қўйилади.
Қарор билан хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган ҳамда меҳнат миграциясида бўлган фуқароларга субсидия, компенсация ва кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
️Низомга кўра, субсидия ва компенсациялар Xorijda ish меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ва ташкиллаштирилган ҳолда меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга қуйидаги харажатларни қоплаш бўйича ажратилади, жумладан:
— чет тиллари ва (ёки) касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш харажатларини қоплаш учун, улар муваффақиятли топширилганда ва сертификат олинганда — БҲМнинг 3 бараваригача;
— хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишга ишчи визани расмийлаштириш харажатларини қоплаш учун — БҲМнинг 5 бараваригача;
— йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун — БҲМнинг 2 бараваригача миқдорда;
— немис, инглиз, япон ва корейс тиллари бўйича камида B1 ёки унга тенглаштирилган даражадаги халқаро сертификат олган битирувчилари энг кўп бўлган 50 нафаргача ўқитувчига — 50 миллион сўм миқдорида.
Вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкиллаштирилган ҳолда ривожланган мамлакатларга чикиб кетаётган фуқароларга тижорат банклари томонидан 10 миллион сўмгача Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз бандга юқори ставкада 2 йил муддатга микрокредитлар ажратилади.