Санкт-Петербургда мигрантларга баъзи соҳаларда ишлаш тақиқланиши мумкин

Санкт-Петербургда мигрантларга курьер ва такси ҳайдовчиси сифатида ишлаш тақиқланиши кутилмоқда. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

Қайд қилинишича, 28 май куни Санкт-Петербург ҳукумати томонидан эълон қилинган қарор лойиҳасига кўра, 2025 йил 1 июлдан бошлаб муҳожирларга бир қатор иқтисодий фаолият турлари бўйича ишлаш тақиқланиши мумкин.

Тақиқ қуйидаги соҳаларга тааллуқли бўлади:

• такси ва енгил автомобилларни ижарага бериш хизматлари;

• курьерлик ва товар етказиб бериш хизматлари;

• электр велосипед ва самокатда ишловчи курьерлик;

• уйга озиқ-овқат етказиб бериш;

• бошқа ҳар қандай транспорт воситаси орқали курьерлик фаолияти.

Шунингдек, қуйидаги мажбурий талаблар жорий этилиши кўзда тутилган:

• курьерлар жойлашувини аниқловчи қурилмалар билан таъминланади;

• пиёда курьерлар учун ҳам махсус кузатув тизимлари ўрнатилади;

• ҳар бир курьернинг кийими, сумкаси ва транспорт воситасида ягона идентификация рақами бўлиши шарт;

• транспорт воситаларининг максимал тезлиги соатига 15 км билан чекланади.

Шунингдек, ушбу тақиқ 2025 йил охиригача амал қилади, қарор кучга кирганидан сўнг уч ой ичида янги талаблар бажарилиши лозим бўлади. Меҳнат ва бандлик қўмитаси эса 2026 йил учун янги меъёрий таклифлар тайёрлайди.

Жаҳон