Миллий брендларни қўллаб-қувватлаш компанияси ташкил этилади
Ўзбекистонда миллий брендларни ривожлантириш бўйича янги тизим жорий этилади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.
Ушбу тизим доирасида Миллий брендларни қўллаб-қувватлаш компанияси ташкил этилади.
Янги компания хориждан бренд-менежер, дизайнер, маркетолог ва PR мутахассисларини жалб қилади, халқаро сертификатга эга бўлган, сифатли ва рақобатбардош камида 50 та миллий маҳсулотни танлаб олади ҳамда уларни дунёга танитиш учун тарғибот ишларини йўлга қўяди.
Йиғилишда мамлакатда 4 мингдан ортиқ тайёр кийим-кечак, чарм-атторлик ва пойабзал ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд бўлишига қарамай, миллий маҳсулотларни бир жойда тақдим этувчи савдо марказлари йўқлиги таъкидланди. Шу сабабли «Mall of Uzbekistan» бренди остида фақат миллий маҳсулотлар сотиладиган йирик савдо марказлари ташкил этилиши белгиланди. Бу дўконлар тадбиркорларга минимал нархда ижарага берилади.
Шунингдек, тўқимачилик ва чарм-пойабзал корхоналарида ишчиларнинг 15% и эҳтиёжманд оилалардан бўлган тўқимачилик ва чарм-пойабзал корхоналарига фойда солиғи 2%, ижтимоий солиқ эса 1% этиб белгиланади. Бундан буён ногиронлиги бор ишчилар ҳам ушбу меъёр ҳисобига киритилади.
Қайд қилинишича, ҳозирда 1,5 мингдан ортиқ тўқимачилик корхоналаридан атиги 244 тасида халқаро сертификат мавжудлиги боис Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё, Сурхондарё ва Хоразмда 20 тадан, бошқа ҳудудларда эса 10 тадан корхонага сертификат олишда кўмаклашиш вазифаси юклатилди.