Миллий гвардиянинг 2 нафар ходими пора билан қўлга олинди
Тошкент шаҳри ва вилоятида фуқароларни ишга киритиб қўйиш учун пул олган Миллий гвардия ходимлари қамоққа олинди.
Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармаси Олмазор тумани бўлими отряд командири катта лейтенат Т.А. 1980 йилда туғилган фуқаронинг ишончига кириб, юқори лавозимда ишловчи ҳамкасблари орқали унинг танишини Миллий гвардия тизимига ишга киритиб қўйиш эвазига Мирзо Улуғбек туманидаги савдо мажмуаси автотураргоҳида 5500 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса Миллий гвардиянинг Қўриқлаш бош бошқармасига қарашли соғломлаштириш оромгоҳи раҳбари подполковник А.Р. хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда, 1989 йилда туғилган фуқарони ишончига кириб, ўзининг ваколатли танишлари ёрдамида уни Миллий гвардиянинг Тошкент вилоятидаги қўриқлаш бўлинмаларидан бирига ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 1500 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.