Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлади

Президент мустақилликдан сўнг босиб ўтилган йўл ва эришилган ютуқлар ҳақида гапирди

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлади.

Давлат раҳбари сўзлаган табригидан асосий фикрлар:

•  буюк истиқлолимизнинг илдизлари уч минг йилдан зиёд бўлган давлатчилик анъаналаримиз ва қадимий цивилизациямиз тарихига бориб тақалади;

•  мустақиллик, энг аввало, бизга шону шарафимизни, муқаддас динимизни, она тилимизни, унутилаётган миллий қадриятларимизни қайтариб берди;

• бугунги эркин ҳаёт учун жонини фидо қилган улуғ аждодларимиз, жадидлар хотирасига таъзим бажо келтирамиз;

•  биринчи президент, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотирасини эҳтиром билан ёд этамиз;

•  ислоҳотларни бошлаган биринчи кунларданоқ халқнинг қалбига қулоқ солдик, аҳолининг дардига дармон бўлишни мақсад қилдик;

•  «пахта қуллиги», «мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати», «конвертация чеклови», «прописка» каби одамларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга барҳам бердик;

• хар бир инсон эркин ва фаровон яшайдиган жамиятни барпо этиш учун кейинги 10 йилда тинимсиз изландик, қаттиқ меҳнат қилдик. Ўзбекистонни дунёга кенг очдик;

• 2030-йилга бориб ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказишни режа қилган эдик. Бу вазифани шу йилнинг ўзида ортиғи билан амалга оширамиз ва даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кирамиз;

• бугунги кунда камбағаллик даражасини 2017-йилдаги 35%дан 4%га тушуришга эришдик. 10 миллион нафар инсоннинг турмуш сифати яхшиланди;

• мамлакат олий таълим муассасалари талабаларининг ярмидан кўпини қизлар ва аёллар ташкил этади. Билимли қизлар — билимли оила, билимли авлод, маърифатли жамият деганидир;

• таълим билан бир қаторда илм-фан, замонавий технология ва инновацияларни ҳам тараққиётимизнинг ҳал қилувчи омили деб биламиз;

• менинг ниятим: Ўзбекистон технология соҳаларида жаҳонга илғор ташаббусларни таклиф қиладиган марказга айланиши зарур.

 

Ўзбекистон