Молдовадан Ўзбекистонга фирибгарликда айбланган шахс экстрадиция қилинди
Фуқаро фирибгарлик содир этгани учун қидирувга берилган

Интерполнинг Ўзбекистон ва Молдова Миллий марказий бюролари ҳамкорлигидаги мувофиқлаштирилган тезкор тадбирлар натижасида фирибгарлик содир этгани учун халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Кишинёв шаҳридан муваффақиятли экстрадиция қилинди.
Мазкур шахсга нисбатан халқаро қидирув Ўзбекистон Интерпол ММБ томонидан Интерпол каналлари орқали эълон қилинган.
Қайд этилишича, унинг жойлашувини аниқлаш ва қўлга олишни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Интерпол ММБ Молдова Интерпол ММБ билан доимий ахборот алмашинувини ҳамда ҳамкорликдаги ҳаракатларни йўлга қўйган.
Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида қидирувдаги шахснинг турган жойи аниқланиб, Молдова Республикаси ҳудудида қўлга олинади.
Зарур экстрадиция жараёнлари якунлангач, қидирувдаги шахс жиноий жавобгарликка тортиш учун Ўзбекистон Республикасининг ваколатли идораларига топширилди.





