Ўзбекистон ва Швеция миграция соҳасида ҳукуматлараро битим имзолади

Швеция меҳнат бозори учун малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади

Ўзбекистон ва Швеция миграция ва мобиллик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни, шунингдек, ушбу соҳада пилот дастурни амалга ошириш тўғрисидаги декларацияни имзоладилар. Бу ҳақда Миграция агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мазкур хужатлар ўзбекистонликлар учун Швецияда қонуний ишлаш, ўқиш ва яшаш имкониятларини тартибга солувчи давлат томонидан кафолатланган ҳуқуқий механизм ҳисобланади.

Унга кўра:

• тиббиёт, техника, хизмат кўрсатиш ва парваришлаш соҳаларида малакали мутахассисларни Швеция меҳнат бозорига тайёрлаш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади;

• ўзбекистонлик номзодларини швед иш берувчилари билан боғлаш механизмлари яратилади;

• талабалар, докторантлар ва ёш тадқиқотчилар учун академик алмашинув имкониятлари кенгаяди;

• миграция иштирокчилари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қўшимча кафолатлар жорий этилади.

• виза тартибларини соддалаштириш ва дипломатик паспорт эгалари учун 30 кунлик визасиз режим жорий этилади;

• ноқонуний миграция, одам савдоси ва ҳужжатларни қалбакилаштиришга қарши қўшма механизмлар кучайтирилади.

Шунингдек, Халқаро миграция ташкилоти иштирокида пилот дастур амалга оширилиб, Швеция меҳнат бозори эҳтиёжлари ўрганилади, швед тили ва касбий тайёргарлик дастурлари йўлга қўйилади.

Ўзбекистон