Ўзбекистонда хорижлик инвесторлар учун ер ижарасининг максимал муддатини 49 йилгача ошириш режалаштирилмоқда
Қонунчилик палатаси депутатлари хорижий инвесторлар учун ер муносабатлари соҳасида ҳуқуқий кафолатларни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 9-июн куни бўлиб ўтган йиғилишда хорижий инвесторларнинг ер муносабатларида ҳуқуқий кафолатларини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Лойиҳа билан инвесторларга ер участкаларини ижарага бериш муддатини 25 йилдан 49 йилгача узайтириш ҳам таклиф этиляпти. Мақсад — инвесторларнинг узоқ муддатли йирик лойиҳаларга сармоя киритишини рағбатлантириш ва бу орқали янги иш ўринларини яратишдир.
Ҳужжатда ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар учун ҳам қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни 49 йил муддатга ижарага берилиши мустаҳкамланмоқда. Амалдаги қонунчиликда мазкур ерлар 30 йил муддатга ижарага берилиши белгиланган.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ер муносабатларида шаффофликни таъминлаш ва ундан самарали фойдаланиш, амалдаги ҳуқуқий нормаларни тизимлаштириш, ер участкаларига нисбатан инвестициявий жозибадорликни ошириш ва қўшимча иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.





