Қашқадарёдаги хусусий боғчада 3 ёшли тарбияланувчи вафот этди
Бола транспорт воситасида қолдириб кетилган, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги оилавий нодавлат боғчада транспорт воситасида қолдириб кетилган 3 ёшли тарбияланувчи вафот этди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, «Зафар» МФЙда фаолият юритган якка тартибдаги тадбиркор O.Ага тегишли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида 3 ёшли тарбияланувчи транспорт воситасида унутиб қолдирилганлиги сабабли вафот этган.
Шунингдек, мазкур таълим ташкилоти раҳбарияти ва масъул ходимлари болаларни автотранспорт воситаларида ташиш қоидалари ва талабларига қатъий риоя этиш бўйича тегишли ташкилотлар томонидан доимий огоҳлантириб келинган.
Аммо мазкур талаб ва мажбуриятларга амал қилинмаганлиги сабабли жорий йилнинг 4-июн куни муассасага қатновчи тарбияланувчилардан бири транспорт воситасида қолдириб кетилган ҳамда муассаса ходимларининг совуққонлиги ва эътиборсизлиги натижасида автотранспорт ичида вафот этган, — дейилади хабарда.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, якка тартибдаги тадбиркор О. А билан тузилган тегишли битим ҳужжатлари бекор қилинди.





