Нодир Ғаниев Ўзбекистоннинг Монакодаги биринчи элчиси бўлди

Ўзбекистоннинг Монако Князлигига янги тайинланган биринчи Фавқулодда ва Мухтор элчиси Нодир Ғаниев 7 октябрь куни Князь Альберт II га ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда Дунё агентлиги хабар берди.

Тантанали маросимдан сўнг бўлиб ўтган мулоқот чоғида Альберт II Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг боришини юқори баҳолади.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга содиқлиги билан танилган Монако Князи Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергетика бўйича йирик лойиҳаларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдириб, яшил иқтисодиётга ўтиш борасидаги саъй-ҳаракатларни ва 2030 йилгача қайта тикланадиган энергия манбаларидан электр энергиясининг 54 фоизини ишлаб чиқариш каби улкан мақсадни эътироф этди.

Монако Князи Ўзбекистонни жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида Самарқанд шаҳри ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига мезбонлик қилиши билан самимий табриклади. У мазкур нуфузли тадбир Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга очиқлиги, ташқи сиёсий фаолиятининг ёрқин ифодаси эканини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон элчиси, ўз навбатида, Ўзбекистон-Монако муносабатларини янада ривожлантириш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширишини билдирди.

Маълумот учун, Ўзбекистон ва Монако ўртасидаги дипломатик муносабатлар 2013 йил 29 ноябрда ўрнатилган.

Нодир Ғаниев Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси этиб тайинланган ва 2024 йил сентябрь ойида Президент Эммануэл Макронга ишонч ёрлиқларини топширган эди. Дипломат шу йилнинг май ойидан буён мамлакатимизнинг Португалиядаги элчиси лавозимида ҳам ишлаб келмоқда.

AI News