Истанбулда Мубашшир Аҳмад қўлга олинди
Azon вақфи васийлар кенгаши раиси, Аzon Global портали асосчиси Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов) 2025 йил 8 май куни Истанбул шаҳри Баҳчешеҳир мавзесидаги уйидан гумонланувчи сифатида олиб кетилган. Бу ҳақда Azon Global портали хабар берди.
Қайд қилинишича, ўша куни унинг адвокатлари иштирокида дастлабки суриштирув ўтказилган. Дастлабки маълумотларга кўра, суриштирувдан сўнг у Истанбулдаги Депортация марказига (Гери Gönderme Merkezi – GGM) топширилиши, 9 май куни эса қўйиб юборилиши керак эди.
Хабарга кўра, орадан тўрт кун ўтган бўлса-да, Туркия Иммиграция бошқармаси Мубашшир Аҳмаднинг қаердалиги, соғлиғи ва ҳуқуқий ҳолати юзасидан на адвокатларига, на яқинларига маълумот берган.
Туркия қонунчилигига кўра, назорат остидаги шахсга яқинлари билан мулоқот қилишга рухсат берилиши ва оиласига бу ҳақида хабар қилиниши керак.
Аzon Global ушбу масала бўйича расмий ва тасдиқланган маълумотлар бўлиши билан жамоатчиликни хабардор қилишини билдирган ва асоссиз хабарларга эътибор қилмасликни сўраган.