Ўзбекистонда муддатли тўлов хизматлари учун янги қоидалар белгиланмоқда
2027 йил 1 январдан муддатли тўлов хизмати операторлари фаолияти йўлга қўйилади

Ўзбекистонда «Аҳолига муддатли тўлов хизматлари кўрсатилишини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2027 йил 1 январдан муддатли тўлов хизмати операторлари фаолияти йўлга қўйилади.
Шу билан бирга, муддатли тўлов хизматларини кўрсатиш шартномалари қуйидаги шартларга мувофиқ бўлиши лозим:
• муддатли тўлов хизмати объектининг қиймати БҲМнинг 250 бараваридан ошмаслиги;
• муддатли тўлов хизмати операторининг комиссия (устама) тўловлари ва товар (иш, хизмат)ларнинг якуний қийматига киритиладиган бошқа тўловлар алоҳида кўрсатилиши;
• муддатли тўлов хизмати бўйича асосий қарздан ташқари барча тўловлар, шу жумладан, воситачилик ҳақлари, неустойка (жарима, пеня), жавобгарликнинг бошқа чоралари йиғиндиси йилига муддатли тўлов миқдорининг ярмидан кўпини ташкил этиши мумкин эмаслиги;
• истеъмолчи муддатли тўлов хизмати суммасини исталган вақтда (тўлиқ ёки қисман) қўшимча жарима, пеня ва комиссияларсиз муддатидан олдин сўндириш ҳуқуқига эга бўлиши;
• муддатли тўлов хизматини кўрсатиш шартномаси бўйича истеъмолчи мажбуриятининг энг кўп муддати шартнома тузилган кундан бошлаб 12 ойдан ошмаслиги.
2027 йил 1 январдан товар истеъмол кредитини тақдим этувчи ташкилотлар қиймати БҲМнинг 3 бараваригача бўлган товар истеъмол кредити шартномалари ва уларнинг ижро этилиши ҳолати ҳақидаги маълумотларни кредит бюроларига тақдим этиши талаб этилмайди.





