Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедов билан музокаралар ўтказди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг юзма-юз ва расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.
«Аваза» миллий туризм зонасининг Конгресс марказида бўлиб ўтган ушбу учрашувда, Ўзбекистон президенти мамлакат раҳбарияти ва қардош туркман халқини шу ой бошида БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси муваффақиятли ўтказилгани билан яна бир бор табриклади.
Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Жорий йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 700 миллион долларни ташкил этди. Февраль ойидан бошлаб мамлакатлар ўртасида эркин савдо режими амал қилмоқда, пойтахтларда савдо уйлари ишламоқда. Саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида кооперация лойиҳалари амалга оширилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, жорий йилда «Шовот — Тошовуз» савдо зонасини ишга тушириш бўйича биргаликдаги ишлар якунланаётгани айтилди.
Етакчилар Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бўлажак еттинчи Маслаҳат учрашуви кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Шу маънода, «Озарбайжон — Туркманистон — Ўзбекистон» форматидаги музокаралар муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.