Қамоқдан озод қилинган шахсларга бир марталик нафақа тайинлаш тартиби белгиланди

Вазирлар Маҳкамаси жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга бир марталик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартибини белгиловчи қарор қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қарорга мувофиқ, эндиликда бу турдаги нафақани тайинлаш учун мурожаатлар, уларни кўриб чиқиш ва нафақа тайинлаш жараёни E-probatsiya ахборот тизими орқали амалга оширилади. Нафақа туман (шаҳар) пробация бўлинмалари томонидан тайинланади ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тўланади.

Тайинланган нафақалар E-probatsiya тизимида акс эттирилган маълумотларга асосланади. Ҳар ойнинг 2-санасига қадар ўтган ойда тўланган нафақалар суммасига тенг ёки ундан кам бўлмаган маблағлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан шартнома асосида танлаб олинган тижорат банки ёки бошқа молиявий ташкилот ҳисобварақларига ўтказилади.

Шунингдек, «Ягона реестр» ахборот тизими орқали электрон тарзда юборилган тўлов ҳужжатларига мувофиқ нафақалар фуқароларга нақд шаклда ёки уларнинг банк карталарига ўтказилади.

2025 йил 1-сентабрга қадар E-probatsiya тизими «Ягона реестр» тизими билан интеграция қилиниб, барча техник имкониятлар яратилиши белгиланган.

Мазкур тартиб Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам татбиқ этилади.

Қарорлар