Ўзбекистонда муддатидан олдин пенсия тайинлаш тартибига ўзгартиришлар киритилди

Алоҳида асосларга кўра меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишдан бўшатилган ходимларга муддатидан олдин пенсия тайинлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномага Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири буйруғи билан ўзгартиришлар киритилди.

Маълум бўлишича, ҳужжат «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги ЎРҚ-642-сон қонунга мувофиқ қабул қилинган.

Таъкидланишича, йўриқнома қуйидаги сабабларга кўра ишдан озод этилган ходимларга муддатидан олдин пенсия тайинлаш тартибини белгилайди: технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқаргани ёхуд корхонанинг тугатилгани.

Шунингдек, мазкур шахсларга улар расман ишсиз деб эътироф этилган ва зарур меҳнат стажига эга бўлган тақдирда муддатидан олдин (қонун ҳужжатларида белгиланган умумий асосларга кўра пенсия тайинлаш муддатидан икки йил олдин) пенсияга чиқиш ҳуқуқи тақдим этилади:

  • эркаклар — 58 ёшда бўлиб, меҳнат стажи 25 йилдан кам бўлмаган тақдирда;
  • аёллар — 53 ёшда бўлиб, меҳнат стажи 20 йилдан кам бўлмаган тақдирда.

Биринчидан, «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонун янги таҳрири қабул қилиниши муносабати билан уларга мувофиқ Йўриқнома қабул қилинган НҲҲлар аниқлаштирилди — «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонун 49-моддаси 8-қисми, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонун 14-моддаси, МКнинг 100-моддаси 2- қисми 1-банди.

Иккинчидан, белгиланишича, ишдан озод этилган шахслар меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан сўнг 30 календар кун ичида ҳудудий аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига мурожаат қилса, марказ ходимлари 3 ойлик давр ичида (илгари — агар ишдан озод этилганлар 10 кун ичида мурожаат қилса) мақбул келадиган ишни топишда ёрдам беришлари керак. Агарда озод этилган шахслар 30 календар кундан кейин мурожаат қилса, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ходимлари 10 кун муддат ичида мақбул келадиган ишни топишда ёрдам беришлари керак.

Қайд этилишича, бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилган.

Янгиликлар