Наманганда 1,2 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди
Наманган вилояти Косонсой туманидаги сув тақсимлаш иншоотида 1,2 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақида Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
«Ўзенергоинспекция» Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган назорат тадбирида Косонсой туманида жойлашган «К.И.С.Т.» МЧЖга қарашли сув тақсимлаш иншооти ҳеч қандай ҳужжатларсиз тармоққа ўзбошимчалик билан улаганлиги фош қилинган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу қоидабузарлик натижасида 1 млрд 265 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги маълум бўлди.
Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.