Туркиядаги оммавий намойишларда 1,8 мингдан ортиқ иштирокчи қўлга олинди

Туркияда оммавий норозилик намойишлари бошланганидан бери 1,8 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинган. Бу ҳақда мамлакат ички ишлар вазири Али Ерликая маълум қилди, дея  «TASS» ёзмоқда.

Суд қарори билан рухсатсиз намойишларга чек қўйиш бўйича ўтказилган тадбирларда қўлга олинган 1 879 нафар гумонланувчидан 260 нафари қамоққа олинган. Судья яна 124 нафар гумонланувчига нисбатан суд назорати чораларини қўллаш, жумладан, уйдан чиқишни тақиқлаш тўғрисида қарор чиқарди. Гумонланувчиларга нисбатан процессуал ҳаракатлар давом этмоқда. Афсуски, 150 нафар ҳуқуқ-тартибот посбонимиз жароҳат олди, — деди Ерликая.

ИИВ раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакатдаги норозилик намойишлари «Туркиядаги тинчлик ва осойишталикни хавф остига қўйди».

Полициямизга кислота ва Молотов коктейли билан ҳужум қилишди. Ахлоқий тамойиллар бузилди. Одил судлов кўчаларда эмас, балки суд залида амалга оширилади. Кўча юришлари ва намойишлар фуқаролик ҳуқуқи ҳисобланадими? Ҳа, шундай. Аммо намойишлар қуролсиз ва тажовузсиз ўтказилиши устувор вазифа бўлиши керак, — дея у қўшимча қилди.

Туркияда норозилик намойишлари 19 март куни полиция коррупцияга қарши тергов доирасида Истамбул ҳокими Экрем Имамоғлуни қўлга олганидан сўнг бошланди. Кейинчалик Имамоғли вақтинча лавозимидан четлаштирилгани ва қамоққа олингани маълум бўлди.

Жаҳон