Ўзбекистонда кўчмас мулк ва автотранспорт тўлов операциялари нақдсиз шаклда амалга оширилади

«Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, қуйидагилар 2030 йилгача яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланди. Жумладан:

• ялпи ички маҳсулотга нисбатан кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини 1,3 бараварга қисқартириш;

• савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида аҳоли томонидан тўловларни нақд пулсиз амалга ошириш улушини 75 фоизга етказиш.

2026 йил 1 апрелдан қуйидагилар учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади:

• давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;

• электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар;

• алкоголь ва тамаки маҳсулотлари;

• транспортларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефть-газ маҳсулотларини сотиш ва электрда ҳаракатланадиган транспортларни зарядлаш бўйича хизматлар;

• қиймати 25 млн сўмдан ошадиган товар ва хизматлар;

• кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифага кирувчи транспортлар ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш.

Ўзбекистон