Ўзбекистонда AI-92 русумли бензин нархи арзонлаштирилди
Аҳолини арзон ва сифатли ёқилғи маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида AI-92 русумли автобензин нархини пасайтириш ишлари олиб борилмоқда, дея хабар берди «Ўзбекнефтгаз».
Қайд этилишича, стратегия доирасида ишлаб чиқариш жараёнлари оптималлаштирилиб, таннархни камайтириш бўйича комплекс чора- тадбирлар амалга оширилган. Бунда бензин ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, нархлар пасайтирилган.
Натижада Бухоро НҚИЗда ишлаб чиқарилган AI-92 русумли автобензиннинг биржа савдоларидаги 1 тоннаси бошланғич нархи биринчи босқичда 12 млн 881 минг сўмдан 12 млн 628 минг сўмга туширилди.
Шундай қилиб, 1 литр AI-92 русумидаги автобензиннинг биржадаги бошланғич нархи 9 400 сўм ташкил етган.
Бундан ташқари, ички бозорни ривожлантириш ва истеъмолчилар манфаатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида юқори октанли ёқилғи нархларини босқичма-босқич пасайтириш ишлари давом эттирилиши таъкидланган.