Тошкентда Demokrat.uz нашри раҳбари ва блогер Азиз Ғоипназаровга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Тошкент шаҳрида Demokrat.uz интернет нашри раҳбари Фазлидинхон Меҳмонов ҳамда блогер Азиз Ғоипназаровга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, 2025 йилнинг 15 декабрь куни Гумонланувчи Ғоипназаров, Сергели туманида жойлашган автосалонлардан бирини фаолиятини обрўсизлантирувчи видеоматериал тайёрлаб, интернет тармоғида жойлаштирган.

Шундан сўнг Demokrat.uz интернет нашри раҳбари Меҳмонов, Ғоипназаровлар томонидан тайёрланган видеолавҳани ижтимоий тармоқлардан ўчириш ҳамда ушбу нашр томонидан тайёрланган, тадбиркорни обрўсизлантирувчи алоҳида видеолавҳани ОАВда жойламаслик эвазига, товламачилик йўли билан жабрланувчидан жами 50.000 АҚШ доллари талаб қилган.

Меҳмонов жабрланувчидан, жорий йилнинг 29 январь куни 3 минг АҚШ долларини олиб, сўнг, жорий йилнинг 10 февраль куни 17.000 АҚШ долларни олаётган вақтида, жиноят устида далилий ашёлар билан қўлга олинган.

Натижада, Demokrat.uz интернет нашри раҳбари М.Ф. ва блогерлик фаолиятини юритувчи Ғ.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур шахсларнинг ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ички ишлар органларига ёки 102 қисқа рақами орқали мурожаат қилиш сўралди.

 

Ўзбекистон