Фарғонада россиялик пенсионерлардан пул ундирган фирибгарларга нисбатан ҳукм ўқилди

Фарғона вилоятида халқаро миқёсда жуда катта миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган уюшган жиноий гуруҳ фош қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Жумладан, 40 ёшли фуқаро раҳбарлик қилган, жами 34 кишидан иборат жиноий гуруҳ Фарғона ва Тошкент шаҳарларида биноларни ижрага олиб, «Колл-марказ»лар ниқоби остида фаолият юритгани аниқланган.

Улар ахборот технологиялари ёрдамида Россия Федерациясида дори воситалари ҳамда биологик фаол қўшимчалар савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларнинг 70 мингдан ортиқ мижозлари тўғрисидаги маълумотларни қўлга киритишган.

Сўнгра, бўлғуси ўлжалари билан қай тарзда муомала қилиш бўйича ўргатилган операторлар SIP телефония ва Zoiper иловалари орқали асосан кекса ёшдагиларга қўнғироқ қилиб, ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва банк ходимлари сифатида таништириб, гўёки компания томонидан сифатсиз дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар сотилганлигини таъкидлаган ҳолда, мижозларга 500 мингдан 580 минг рублгача миқдорда компенсация тўлаб берилишини айтишган.

Бунинг учун эса фуқаролар 5 мингдан 20 минг рублгача миқдорда солиқ тўлашлари кераклигига ишонтиришган.

Жабрланувчилар жиноий гуруҳ аъзолари томонидан тақдим этилган турли банк пластик карталарига жами 9 млн 599 минг 561 рубль миқдоридаги пул маблағларини ўтказиб беришган.

Шунингдек, жиноий гуруҳнинг 3 нафар аъзоси криптовалюталар савдосини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия олмасдан, жами 470 минг АҚШ долларига яқин крипто-активлар айланмасини амалга оширишгани маълум бўлган.

Натижада, уюшган жиноий гуруҳ аъзолари тегишлилиги бўйича Жиноят Кодексининг  168, 243, 278-7 ва 278-8-моддалари билан айбли деб топилиб, уларнинг 21 нафарига 3 йил 6 ойдан 9 йил 6 ой муддатгача озодликдан махрум этиш жазолари тайинланган.

Қолган 13 нафарига нисбатан 4 йил 3 ойдан 4 йил 6 ойгача муддатга озодликни чеклаш жазоси белгиланиб, жарималар қўлланилди.

Шунингдек, жабрланувчиларга етказилган моддий зарар эса ундириладиган бўлди.

Янгиликлар