Ўзбекистонда автомобиль йўллари соҳасида жамоатчилик назорати кучайтирилади

«Автомобиль йўллари соҳасида очиқлик стандартларини жорий этиш ва соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Унга кўра, 1 июлдан автомобиль йўллари соҳасига тегишли маълумотлар базасини ўз ичига олган «Shaffof yo‘l» платформаси тест режимида ишга туширилади. Қарор билан мазкур платформада жойлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар (17 та) рўйхати тасдиқланди.

Платформанинг алоҳида саҳифаси орқали аҳолининг йўллар носозлиги, йўлларда хавфсиз ҳаракатланиш учун юзага келган фавқулодда техник муаммолар (светофорлар ва йўл белгилар ўрнатилмагани ёки уларнинг шикастлангани, табиий офатлар натижасида юзага келадиган ҳодисалар ортидан ҳосил бўладиган оқибатлар) ҳақида фото ва видеомурожаатлар жамоатчилик фикри асосида шакллантирилади.

Шу билан бирга, 1 майгача автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш объектларининг интерактив онлайн харита-схемаси ишлаб чиқилиб, платформага жойлаштирилади. Қолаверса, 2023 йилдан бошлаб ва кейинчалик ҳар йили қурилиши, реконструкция қилиниши назарда тутилган барча йўл участкаларини харитага жойлаштириш амалиёти йўлга қўйилади.

Ҳужжатга кўра, «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали туман (шаҳар)лар бюджети параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратилган маблағ жамоатчилик фикри асосида шаклланган ички хўжалик йўлларни таъмирлашга йўналтирилади. Бу бўйича алоҳида низом тасдиқланган.

Унга кўра, жамоатчилик фикри асосида ички йўлларни таъмирлашда таклифларни қабул қилиб олиш ҳар йили 10 январгача, таклифлар орасидан ғолибларни овоз бериш йўли билан аниқлаб олиш 31 январга қадар амалга оширилади. Таклифларни юбориш ҳамда овоз бериш жараёнида вояга етган фуқаролар иштирок этиши мумкин.

Фуқаролар томонидан танланган ички йўллар ахборот порталида автоматик равишда таклиф сифатида шаклланади ва бошқа фуқароларнинг овоз бериши учун имконият яратилади. Шунингдек, 1 мартгача ички хўжалик йўлларининг жойлашган манзили (геопозицияси), тўлиқ номи, узунлиги, ҳолати (асфальтланган, таъмирталаб) ва бошқа маълумотларни ўз ичига олган ички хўжалик йўллари реестри шакллантирилади.

Янгиликлар