Самарқандда турмуш ўртоғини пичоқлаб ўлдирган фуқаро қамалди

Самарқандда турмуш ўртоғининг жонига қасд қилган фуқаро тўққиз йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда «Дарё» хабар қилди.

Хабар хабарга, 15 июнь куни соат тахминан 03:30 да Самарқанд шаҳрида яшовчи Э.Г. маст ҳолатда уйига келиб, турмуш ўртоғи Г.Г. билан оилавий келишмовчилик сабаб жанжаллашиб қолган. Жанжал давомида Э.Г. хонада турган ошхона пичоғи билан турмуш ўртоғининг кўкрак қисмига қасддан уриб, ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказган.

Қайд этилишича, фуқаро Г.Г. кўп қон йўқотиши оқибатида ҳодиса содир бўлган жойда вафот этган.

Маълум бўлишича, судланувчи Э.Г. айбига тўлиқ иқрор бўлган ва 14 июнь куни соат 19:00 да 2,5 литр ҳажмли пиво спиртли ичимлигини яшаш уйи олдида истеъмол қилганлигини, соат тахминан 02:00 да ухлаш мақсадида яшаш уйига кирганлигини ҳамда маст ҳолатда турмуш ўртоғининг кўкрак қисмига пичоқ урганини айтган.

Таъкидланишича, судланувчи Э.Г. Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми «д» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ва тўққиз йил 7 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда Ўзбекистон фуқароси ўлдириб кетилган эди.

Янгиликлар