Сирдарёда ноқонуний балиқ овлаш натижасида табиатга 386 млн сўм зарар етказилди
Сирдарё дарёсида 19–20 апрель кунлари ноқонуний балиқ овлаш ҳолатларига қарши махсус назорат тадбирлари амалга оширилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.
Тадбир давомида дарёдан умумий узунлиги 1000 метрга яқин бўлган, ноқонуний тарзда ўрнатилган 20 га яқин лескали тўрлар йиғиб олинди. Ушбу тўрлар белгиланган тартибда йўқ қилинади.
Шунингдек, электр қармоқдан фойдаланган ҳолда балиқ овлаган 2 нафар ҳуқуқбузар қўлга олинди. Улардан ашёвий далил сифатида 1 дона алюминий қайиқ, мотор, 2 дона аккумулятор, электр қармоқ ва тегишли ов қуроллари, шунингдек, турли хилдаги 21 дона балиқ далилий ашё сифатида олиб қўйилди.
Ҳуқуқбузарлик натижасида табиатга жами 368 млн 437 минг 500 сўм зарар етказилган.
Барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.