Андижон ва Самарқандда қарийб 570 млн сўмлик электрдан ноқонуний фойданланиш ҳолати фош бўлди
Андижон вилоятининг Бўстон ва Самарқанд вилоятининг Оқдарёда энергия ресурсларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Бўстон туманида «Э.О.» фермер хўжалиги раҳбари Д.Э. ва бошқалар хўжалик ер майдонларини суғориш учун сув насосини умумий фойдаланишдаги тармоққа ўзбошимчалик билан улаган. Натижада жами 310,6 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган.
Шунингдек, Оқдарё туманида «Янгиқўрғон» МФЙ ҳудудидаги «Х-Х.» хусусий корхонаси раҳбари Ж.Х. электр қурилмаларни тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги тармоққа ўзбошимчалик билан улаган. Сўнг 259,8 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.