Тошкентда 59 та қурилиш об’екти ишлари қонунбузарликлар сабабли тўхтатилди

Тошкентда керакли ҳужжатларсиз ва экспертиза хулосаларига эга бўлмаган ҳолда қурилишни бошлаган 59 та об’ектнинг ишлари тўлиқ тўхтатилди. Шаҳар ҳокимлигининг маълум қилишича, айримлари ноқонуний уй-жой сотишга уринган.

Аниқланишича, сўнгги ойларда Тошкентда айрим қурувчилар томонидан қурилиш меъёрлари ва қонунчилик талабларига зид ҳолатларда фаолият юритилиши қайта-қайта кузатилмоқда. Улардан баъзиларида ҳатто рухсат берувчи ҳужжатлар, экспертиза хулосалари ва техник маълумотномалар мавжуд эмас.

Қуйидаги рўйхатда электр тармоқларидан бутунлай узилиб, қурилиш ишлари тўхтатилган объектлар кўрсатилган:

Олмазор туманида — 5 та

Чилонзор туманида — 5 та

Мирообод туманида — 8 та

М. Улуғбек туманида — 7 та

Сергели туманида — 3 та

Учтепа туманида — 2 та

Яккасарой туманида — 2 та

Янги Ҳает туманида — 17 та

Яшнобод туманида — 3 та

Юнусобод туманида — 4 та

Бектемир туманида — 3 та

Ҳозирда қурилиш майдонларида назорат ва мониторинг ишлари давом этмоқда. Аниқланган ҳар қандай қонунбузарликка нисбатан ҳуқуқий чоралар кўрилиши маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Тошкент шаҳар ИИББ бошқармаси «STRONG CITIES» номли МЧЖни тегишли меъёрий ҳужжатларни расмийлаштирмасдан кўп қаватли уй хонадонларини сотишни ваъда қилганлиги сабабли Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (фирибгарлик) бўйича жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берган эди.

 

Янгиликлар