Ўзбекистонда 20 мингга яқин фуқарони ноқонуний Умрага юборган фирма фош этилди

Ўзбекистонда 19,5 мингдан зиёд фуқарони ноқонуний Умра зиёратига юбориб, катта миқдордаги пул маблағларини ўзлаштирган ташкилот аниқланди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хусусан, Андижон вилоятида 1984 йилда туғилган аёл «Жалолқудуқ Авиатранс» МЧЖда норасмий турагент вазифасини бажариб, жами 19 547 нафар фуқарони жалб қилган ҳолда ноқонуний Умра тадбирини ташкил этиб келган.

Маълум қилинишича, ушбу ташкилот томонидан 2024–2025 йиллар давомида фуқаролардан ноқонуний равишда 22 846 590 АҚШ доллари миқдорида нақд пул маблағлари олинган.

Давлат ва жамият манфаатларига етказилган жами зарар 1,8 миллиард сўм, солиқ ва бошқа йиғимларни тўлашдан бўйин товлаганлик ҳолати бўйича жами 15,3 миллиард сўм ҳисобланган, — деб таъкидланди.

Шунингдек, Ташкилот томонидан Саудия Арабистонига юборилиб, оғир аҳволда ҳеч қандай шароитларсиз қолиб кетган жами 534 нафар фуқаролар махсус рейслар орқали мамлакатга олиб келингани билдирилди.

Ҳолат юзасидан 14 нафар шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а», «в» бандлари, 190-моддаси 6-қисми «б» банди, 192−11-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари, 189-моддаси 1-қисми ва 184-моддаси 3-қисмилари билан айблов эълон қилиниб, 13 нафар шахс қўлга олинган.

Жамият