Ер савдоси билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқланди

Eр майдонларини ноқонуний йўллар билан расмийлаштириш ва сотишга уринган бир неча шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Хоразм вилоятининг Урганч туманида фуқаро Қ.Х. аукцион савдолари орқали ўз номига ажратилган 10 сотих ер майдонини бошқа бир фуқаро Ҳ.С. номига расмийлаштириб бериш эвазига 30 млн сўм олаётган вақтда ушланган.

Шунингдек, Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида фуқаро Ф.Х. фуқаро М.Т.нинг ишончига кириб, учинчи шахсга ажратилган 20 сотих ер майдонини ўзига тегишли деб кўрсатиб, унга бино қуриш ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига $10 мингни олаётганида қўлга олинган.

Яна бир ҳолатда, Ғозғон шаҳрида фуқаро Д.К. Оқ олтин МФЙ ҳудудидаги 13 сотих бўш ер майдонини фуқаро М.Ж.га сотишга уринган ва $6 мингни олаётган пайтда ушланди.

Барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168 моддаси (фирибгарлик) бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон