Ҳудудларда ноқонуний ер савдолари аниқланди
Ўзбекистонда қиймати $500 мингдан ортиқ бўлган ноқонуний ер савдоси фош этилди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд қилинишича, Хоразм вилоятида МЧЖ раҳбари боғдорчиликка ажратилган 19,9 гектар ерни 30 гектар деб кўрсатиб, уни харидор номига расмийлаштириш ва қурилиш учун рухсат олиб бериш эвазига $180 минг талаб қилган.
Фарғона вилоятида кадастр инспектори фермер хўжалигига ер ажратиш, унда иссиқхона қуришга рухсат олиш ва тегишли қарор чиқаришда ёрдам берган танишларига пул бериш кераклигини айтиб, хўжалик юритувчисидан $150 минг сўраган.
Тошкент вилоятида эса аввал судланган шахс Ангрен шаҳридаги боғдорчилик ерлари ва Оҳангарон ўрмон хўжалиги фондига тегишли 2 гектар майдонни сотиш ва расмийлаштириш учун $121 минг талаб қилган.
Сурхондарёда ирригация тизими ходими дарё ва канал муҳофаза ер майдонини шахсий мулк сифатида расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, $73,5 минг талаб қилган.
Тезкор тадбирлар давомида барча гумондорлар пулни олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда, юқоридаги ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.