Ўзбекистонда шифокорлар сиам эгизакларини шошилинч операция орқали ажратишди

Чирчиқ шаҳрида жойлашган Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент вилояти филиалида ноёб операция ўтказилди.

Қайд этилишича, ҳомиладорликнинг 33-34-ҳафтасида «кесарча кесиш» йўли билан муддатидан аввал дунёга келган сиам эгизаклари туғуруқдан 9 соат ўтиб, шошилинч равишда, устига-устак, маҳаллий шароитда ўта мураккаб амалиёт орқали ажратиб олинган.

Мазкур 5 соат давом этган юқори технологик операция, Республика перинатал маркази қошидаги Неонатал хирургия маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Эргашев бошчилигидаги бир гуруҳ малакали мутахассислар томонидан бажарилган.

Бундай ўта мураккаб амалиётлар ҳамма давлатларда ҳам амалга оширилавермайди. Ҳатто, тиббиёти тараққий этган мамлакатларда ҳам узоқ муддатли таҳлиллар ва катта тайёргарликдан сўнг бажарилади. Чунки бу ўта ноёб операция. Мана шундай муддатидан аввал туғилган сиам эгизакларининг шошилинч равишда ҳамда вилоят даражасида муваффақиятли ажратиб олиниши мамлакатимиз тиббиёти янги босқичга кўтарилганининг ёрқин далилидир, — деди Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров ушбу чақалоқлар ҳолидан хабар олиб.

Сиам эгизакларини ажратиб олиш операциясида иштирок этган бир гуруҳ мутахассислар вазир А.Худаяров томонидан «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Ҳозирда, эгизаклар ва уларнинг онасига шифохонадан уйига жавоб берилди.

AI News