Тошкентда инсон органлари олди-сотдиси билан шуғулланганлар ушланди

Тошкент шаҳрида инсон аъзоларини олди-сотдисини амалга оширганликда гумон қилинган фуқаролар қўлга олинди, деб хабар қилди ИИВ матбуот хизмати.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг аниқланишича, муқаддам судланган 36 ёшли фуқаро турмуш ўртоғи билан бирга интернет тармоқларида фойдаланувчиларда раҳм-шафқат уйғотишга қаратилган видеороликларни тасвирга олиб, жойлаштириб келган.

Маълум бўлишича, ушбу шахслар ижтимоий тармоқлар орқали инсон аъзолари ва тўқималарининг ноқонуний савдоси билан шуғулланган. Жумладан, донорлар ҳамда даволанишга муҳтож шахслар Тоджикистоннинг Душанбе шаҳрида жойлашган «Истиклол» клиникага олиб борилган.

Шунингдек, гумонланувчининг ўзига ҳам буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти ўтказилган. Ноқонуний фаолиятни ташкил этишга кўмаклашган шахслар ҳам аниқланиб, улар орасида Telegram, Instagram ва YouTube ижтимоий тармоқларидаги каналларини юритиб келган шахс ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 133-1-моддаси 2-қисми (инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини олди-сотдиси) билан жиноят иши қўзғатилди.

Ўзбекистон