Францияда ҳайвонот боғида чақмоқ уриши оқибатида 13 киши жароҳат олди

Франциянинг жануби-шарқида жойлашган Барбен ҳайвонот боғида чақмоқ уриши натижасида 13 киши тан жароҳати олди. Бу ҳақда Le Parisien нашри хабар берди.

Воқеа 14 май куни, маҳаллий вақт билан соат 15:00 атрофида Салон-де-Прованс шаҳри яқинида содир бўлган. Чақмоқ текис очиқ ҳудудга тушган бўлиб, зарба натижасида ёнғин келиб чиққани қайд этилган.

Буш-дю-Рон департаменти ёнғин-қутқарув хизматининг маълум қилишича, ҳодиса жойига 46 нафар қутқарувчи етиб келиб, 15 кишини назоратга олган. Улардан 13 нафари жароҳатланган бўлиб, бир аёл – Германия фуқароси – оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. Яна 12 киши, жумладан тўрт нафар бола ҳам тиббий ёрдамга муҳтож бўлиб, шифохонага етказилган.

Ҳайвонот боғи ҳудудидаги ҳайвонлар ва инфратузилмаларга зарар етмаган. Айни пайтда Франция об-ҳаво хизмати бир неча ҳудудда момақалдироқ хавфи муносабати билан сариқ даражадаги огоҳлантириш эълон қилган.

 

Жаҳон