Олмалиқда Nexia уриб юборган 50 ёшли пиёда ҳалок бўлди
Олмалиқ шаҳрида инсон ўлими билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақида Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ хабар берди.
Маълумотларга кўра, автоҳалокат 8 октябрь куни соат 00:05 ларда Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар Амир Темур кўчасида содир бўлди.
Nexia 3 транспортини бошқариб келаётган 2005 йилда туғилган О.Ш тартибга олинмаган пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган 50 ёшли фуқарони уриб юборган.
Пиёда оғир тан жароҳатлари сабабли воқеа жойида вафот этган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Олмалиқ шаҳар ИИБ Тергов бўлими суриштирув ишларини олиб бормоқда.