Марказий банк кредит ташкилотларини адолатли ишлашга чақирди
Марказий банк мижозлар ҳуқуқлари бузилаётган ҳолатлар бўйича аниқ мисолларни тўплаб, барча кредит ташкилотларини адолатли ва шаффоф ишлашга чақирди. Бу ҳақда банк телеграм каналида хабар берилди.
Хабарга кўра, бу ҳолатлар нафақат фуқароларнинг моддий зарар кўришига, балки банк тизимига бўлган ишонч пасайишига ҳам сабаб бўлмоқда.
Марказий банк барча кредит ташкилотларига инсофсиз амалиётларнинг аниқ мисолларини ўз ичига олган махсус хат юборди.
Унда истеъмолчилар билан муносабатларда қуйидаги ҳолатларга йўл қўймаслик лозимлиги таъкидланган:
• кредит шартномаларига адолатсиз шартлар киритиш;
• шартноманинг муҳим бандларини мижоз хабарисиз ўзгартириш;
• чалғитувчи ёки нотўлиқ ахборот тақдим этиш;
• мижоз розилигисиз қўшимча хизматларни мажбуран улаш;
• кредит шартларини лозим даражада тушунтирмаслик;
• имтиёзли давр ҳақида нотўғри маълумот бериш;
• кредитни белгиланган санадан олдин ундириб олиш.
Қайд қилинишича, фуқаролик кодексининг 9 моддасига мувофиқ, ҳар қандай шартнома ҳалоллик ва адолат асосида тузилиши, бошқа томоннинг манфаатларига зиён етказмаслиги лозим.
Марказий банк барча кредит ташкилотларини мижозлар билан ишлашда адолатли ёндашувга чақирди. Кредит бериш шартлари тўлиқ ва тушунарли тарзда тақдим этилиши, ходимлар эса мунтазам ўқитилиши зарурлиги қайд этилди.
Бундан буён аниқланган инсофсиз амалиётлар Марказий банкнинг расмий платформаларида эълон қилиб борилиши маълум қилинди.