Омбудсман оҳангаронлик йигитнинг онаси йўллаган мурожаатдан сўнг вазиятни ўз назоратига олди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида яшовчи фуқаро Е.Хнинг ўғли А.Х билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан тарқалган видеомурожаати Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан назоратга олинган ҳолда ўрганилди.

Эслатиб ўтамиз, видеомурожаатда А.Хга нисбатан Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон шаҳар суди томонидан 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани, бироқ у маъмурий қамоқни ўташ учун белгиланган жойга эмас, Оҳангарон шаҳар прокуратурасига олиб борилиб, ушлаб турилгани, шунингдек, овқатлантирилмагани ва адвокати билан учраштирилмаётгани билдирилган.

Натижада, мазкур ҳолат Омбудсман томонидан хабар эълон қилинган куннинг ўзида назоратга олинган. Шу куни Омбудсман томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига назорат хати киритилади.

Шунингдек, 6 май куни Омбудсманнинг Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили А.Х сақланаётган Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган Махсус қабулхонага бориб, у билан учрашган.

Учрашув давомида А.Хнинг Махсус қабулхонада сақланаётганлиги маълум бўлди ҳамда уни сақлаш шароити, овқатланиши, соғлиғи ва мурожаатда кўтарилган бошқа ҳолатлар ўрганилди. А.Халиков билан ўтказилган ҳоли суҳбат жараёнида, у Махсус қабулхонада белгиланган тартибда озиқ-овқат берилаётганини, қабулхона ходимлари хатти-ҳаракатлари ва сақлаш шароити юзасидан шикояти йўқлигини маълум қилди, — дейилади хабарда.

Жумладан, жорий йилнинг 7 май куни А.Хнинг маъмурий қамоқ муддати тугаб, у махсус қабулхонадан тўлиқ озод этилган. Шунингдек, у шу куни ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар юзасидан Тошкент вилоят прокуратураси томонидан олиб борилаётган терговга қадар текширув ҳаракатлари доирасида шу вилоят прокуратураси тергов бўлимига юборилган.

Омбудсман мазкур ҳолат юзасидан ўз кузатувини давом эттиришини маълум қилди.

Ўзбекистон