Марғилонда 2,5 ёшли болани босиб кетган ҳайдовчига жиноят иши қўзғатилди

10 май куни Марғилон шаҳрида 2,5 ёшли болани автомобиль уриб юборган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.  Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ маълум қилди.

Қайд қилинишича, Д.А. исмли фуқаро Lacetti русумли машинани бошқараётиб, йўлда ўйнаб ўтирган 2022 йилда туғилган А.А.ни босиб кетган.

Воқеа кўча кузатув камерасига ёзиб олинган. Унда ҳайдовчи болани уриб кетганидан сўнг, уни сезмасдан йўлида давом этгани ва ҳодиса жойидан кетиб қолгани акс этган. Бола тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Ҳозирда унинг аҳволи барқарор экани айтилмоқда.

Боланинг бувиси ОАВга берган интервьюсида неварасининг тос суяклари уч жойидан сингани, бир ой тўшакка михланиб ётганини, ҳозир ҳам соғлиғи тикланмаганини маълум қилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (йўл ҳаракати қоидаларини бузиш) ва 117-моддаси (хавф остида қолдириш) билан жиноят иши очилган. Иш якунида судга юборилади.

Фарғона вилояти ИИБ ота-оналарни фарзандларини қаровсиз қолдирмасликка чақирди.

Ўзбекистон