Тошкентда сифати кафолатланмаган дори воситалари сотаётган шахс қўлга олинди
Тошкентда сифати кафолатланмаган дорини $16 мингга сотаётган шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.
Маълум қилинишича, Департаментнинг Бектемир тумани бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ф.О. бошқа бир фуқаро М.Х.га хорижда ишлаб чиқарилган, сифати кафолатловчи ҳужжатлари бўлмаган минг дона АРАГАН номли дорини 215 млн сўмга сотишга келишгани аниқланган. Ушбу сумма $16,6 минг долларни ташкил қилган.
Ф.О. дориларни пуллаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси — сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ноқонуний тайёрлаш, сақлаш ёки сотиш бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.