Фарғонада томорқасида кўкнори етиштираётган шахс ушланди
Фарғона вилоятида томорқасида 55 мин тупдан ортиқ гиёҳванд ўсимликлар етиштираётган фуқаро аниқланди. Бу ҳақда ИИВ хабар берди.
Қайд қилинишича, Данғара туманида ўтказилган рейд давомида фуқаролардан бирининг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, 55 минг тупдан ортиқ кўкнори ҳамда 40 дан ортиқ наша ўсимлиги етиштирилаётганлиги фош этилган.
Шунингдек, уйнинг болохонасида 600 граммдан ортиқ қуритилган наша гиёҳвандлик моддасининг сақланаётганлиги аниқланган.
Фарғона шаҳридаги «Табассум» маҳалласида ҳам тадбир ўтказилганда, фуқаронинг уйидан 10 кг 960 грамм «опий» ва 10 грамм «гашиш» моддаси сотиш мақсадида сақлаб келингани маълум бўлган.
Ҳозирда ҳолатлар юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.