Тошкентда мактаб ўқувчисини калтаклаган ўқитувчига жиноят иши қўзғатилди
Жабрланувчи тан жароҳатлари билан шифохонага мурожаат қилган

Ижтимоий тармоқларда мактаб ўқитувчиси ўқувчига куч ишлатгани акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати ушбу ҳолат юзасидан изоҳ берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 19-май куни Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 275-сонли мактабда вояга етмаган 2010 йилда туғилган Р.Р. ҳамда шу мактаб ўқитувчиси 2002 йилда туғилган З.О. тортишиб қолиб, ўзаро жанжаллашиб кетган.
Аниқланишича, ўқувчи дарс жараёнида ўқитувчи томонидан берилган кўрсатмани бажармасдан, дарс машғулотларини ўтказилишига халақит берган. Жанжал вақтида ўқитувчи ўқувчига тан жароҳати етказган. Натижада жабрланувчи тиббий ёрдам учун шифохонага мурожаат қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро З.О. га нисбатан Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.





