Ўзбекистон Эрон халқига инсонпарварлик ёрдамини юборди

15 та юк машинасидан иборат гуманитар юк таркибидан дори воситалари ва тиббий буюмлар ўрин олди

Эрон Ислом Республикаси халқига навбатдаги инсонпарварлик ёрдами юборилди, деб хабар берди ТИВ матбуот хизмати.

Гуманитар ёрдам Туркманистон–Эрон чегарасидаги «Артик–Лютфобод» назорат-ўтказиш пунктида Эрон томонига тантанали равишда топширилди.

Мазкур инсонпарварлик ташаббуси Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги анъанавий дўстлик, ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва қўллаб-қувватлаш руҳининг яна бир ёрқин ифодасидир, — дейилади хабарда.

Тадбирда Ўзбекистоннинг Туркманистондаги элчиси Равшан Алимов, Эроннинг Туркманистондаги элчиси Али Мўжтабо Рўзбеҳоний, Даргаз шаҳри ҳокими Мўжтабо Базмара, Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг Хуросони Разавий вилоятидаги вакили Ҳайдари Фард, шунингдек, божхона, соғлиқни сақлаш ва инсонпарварлик ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Эрон томони ушбу синовли дамларда кўрсатилаётган амалий кўмак учун Ўзбекистон президенти ва халқига самимий миннатдорлик билдирди.

 

Ўзбекистон